17 April 2026
2026/04/08 - 17:32 View: 76

ЭРОН ЭЛЧИСИ ЎЗБЕКИСТОН ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШДИ

.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Муҳаммадали Искандарийнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашувида минтақа ва жаҳонда юз бераётган сўнгги воқеалар ва икки томонлама алоқаларнинг турли жиҳатлари муҳокама қилинди ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари борасида ўзаро фикр алмашилди.

Учрашувда Муҳаммадали Искандарий Эрон Ислом Республикасининг АҚШ ва сионистик режимнинг ноқонуний агрессияси борасидаги принципиал позициясини маълум қиларкан, ушбу агрессияни БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг фундаментал принциплари, хусусан давлатларга қарши куч ишлатмаслик ва уларнинг миллий суверенитетини ҳурмат қилиш принципининг ошкора бузилиши деб баҳолади. У БМТ Низомига асосланган ҳолда шундай деб таъкидлади: «Эрон Ислом Республикаси ўзининг қонуний мудофаа ҳуқуқи доирасида масъулият ва мутаносиблик билан ёндашган ҳолда ўз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги ва миллий манфаатларини ҳимоя қилмоқда».

У шунингдек Эроннинг минтақавий воқеаларга нисбатан стратегик ёндашувига тўхталиб, сиёсий усуллар, мулоқот, фаол дипломатия ва кўптомонламаликка устувор аҳамият берилишини уқтирди, биртомонлама ва интервенцион ҳаракатларни минтақадаги беқарорликнинг ҳамда ривожланиш ва иқтисодий ҳамкорлик жараёнларига тўсқинлик қилишнинг асосий омилларидан бири деб ҳисоблади. Худди шу масалада халқаро ташкилотларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳимоя қилиш ва ушбу принципларни бузувчи ҳаракатларнинг қайта такрорланишининг олдини олишдаги ролини кучайтириш лозимлигига урғу берилди.

Учрашув давомида томонлар ўзаро алоқаларнинг мавжуд имкониятларини кўриб чиқиб, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий соҳалардаги кенг қамровли ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг амалий йўл-йўриқларини муҳокама қилиб, ҳамкорлик даражасини ошириш, ўзаро борди-келдиларга кўмаклашиш, минтақавий транспорт коридорларини ривожлантириш, муштарак манфаатларни таъминлаш мақсадида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш аҳамиятини таъкидладилар.

Шунингдек, томонлар Эрон ва Ўзбекистоннинг имкониятлари, ўрни ва ролига тўхталиб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришни минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида баҳоладилар.

متن دیدگاه
نظرات کاربران
تاکنون نظری ثبت نشده است