Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Оятуллоҳ Сайид Мужтабо Хоманеийнинг Эрон Олий Раҳбари этиб сайланганлиги муносабати билан табрик мактуби йўллади
.
Табрик мактубининг матни қуйида келтирилмоқда:
Эрон Ислом Республикасининг Олий Раҳбари этиб сайланганингиз муносабати билан Сизга ўзимнинг самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ушбу юксак лавозимда фаолият бошлашингиз халқингизнинг Сизга бўлган ишончи ва жамият олдидаги хизматларингизнинг эътирофи бўлиб, минтақадаги тинчлик ва барқарорликка хизмат қилишига умид билдираман.
Аминманки, муштарак саъй-ҳаракатларимиз билан азалдан дўст бўлган мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқалари халқларимизнинг умумий манфаатлари йўлида бундан буён ҳам изчил ривожланиб бораверади.
Фурсатдан фойдаланиб, падари бузрукворингиз Оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий Ҳазрати Олийлари ҳамда оила аъзоларингизнинг вафоти муносабати билан Сизга чуқур ҳамдардлик билдираман.
Аллоҳ таолодан Сизга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст Эрон халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва давомий равнақ тилаб қоламан.