ЭРОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИНИНГ НАВРЎЗ ТАБРИГИ
/
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
Фақатгина Ундан ёрдам сўраймиз. У энг яхши ёрдамчидир.
Янгиланиш ва кўкаришнинг энг қадимий даракчиси бўлган Наврўз бу йил маъноли тарзда муқаддас Рамазон ойи ва Рамазон ҳайити билан бир вақтда келди. Бу эса мазкур қадимий удумга янада чуқурроқ маъно бағишлаган ҳамда уни мулоҳаза, ўз-ўзини тарбиялаш ва ўзликка қайтиш ҳисси билан бойитган ноёб тасодифдир.
Бироқ, Эронга қарши тиқиштирилган урушнинг оғир сояси ва унинг аччиқ воқеалари, жумладан, Миноб мактабидаги ўқувчи болаларнинг оммавий ўлдирилиши ҳамда Ислом инқилоби олий раҳбарининг шаҳид этилиши Наврўз кайфиятини ўзгартирди. Шунчалик даражадаки, кўпчлик кишилар ҳамдардлик ва огоҳлик ҳисси билан байрамни одатдаги тантана билан ўтказишдан тийилишди ҳамда бу йилги Наврўз, ўзининг зоҳирий улуғворлигидан ташқари, жамоавий онг, ҳамдардлик ва масулият ҳисси билан тўлдирилди. Халқнинг бу онгли танлови тарихнинг муҳим лаҳзаларида бирлик ва ҳамжиҳатликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқдаги ижтимоий етукликни ва чуқур инсоний илдизларни акс эттиради.
Шу билан бирга, турли мамлакатлар ҳукуматлари ва расмийларининг, айниқса Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг ўзлари йўллаган мактубларида ҳамдардлик ва бирдамлик билдиришлари сиёсий ахлоқ ва минтақавий бирдамликнинг яққол намоён бўлиши бўлди. Расмий муносабатлар доирасидан ташқарига чиқиб кетадиган, маданий, тарихий ва инсоний муштаракликларга урғу берадиган ва қийин пайтларда халқларнинг ҳақиқий сармояси ҳурмат, ўзаро тушуниш ҳамда тинчлик ва барқарорлик учун умумий жавобгарликка асосланган ана шу ришталар эканлигини кўрсатадиган мактублар.
Бундай шароитда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ порлаган нарса Эрон халқининг матонат, қадр-қиммат ва барқарорлик руҳи билан бирга, Эрон Ислом Республикаси ҳукумати ва барча ташкилотларининг вазиятни бошқариш, барқарорликни сақлаш, жамоат эҳтиёжларини қондириш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича тинимсиз саъй-ҳаракатлари бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар эса миллий якдиллик ва ички имкониятларга таяниб, қийин вазиятларни енгиб ўтиш йўлини очган ва Эрон халқининг имон ва тинимсиз саъй-ҳаракатлар туфайли бу урушда ҳам ғалаба қозонишини, барқарор ривожланиш ва фаровонликка эришишини кўрсатган чора-тадбирлар мажмуасидан иборат бўлди.
Бу йўлда кўплаб яқинларимиз – бир неча кунлик гўдаклардан тортиб Ислом инқилобининг Олий раҳбаригача, ёнма-ён ва бирга шаҳид бўлишди. Аммо шараф, хавфсизлик, мустақиллик, озодлик, Ислом Республикаси, матонат йўлини давом эттириш ва ёрқин келажакка интилиш байроғи нафақат ерга тушмади, балки ўша покиза наслдан бўлган бошқа бир раҳбарнинг қудратли қўлларига ишониб топширилди.
Наврўз шунчаки бир удум эмас. У ҳаётнинг давом этиши, умиднинг қайта тикланиши ва авлодлар ўртасидаги узлуксиз риштадир. Бу йил унинг ташқи жилвалари бироз камайган бўлса-да, унинг моҳияти – ёрқин эртанги кунга ишонч – қалбларимизда ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ оқмоқда. Бу Наврўз бизни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ инсоний масулият, ижтимоий якдиллик ва инсон қадр-қимматини улуғлаш зарурлигини чуқурроқ англашга чақиради.
Наврўзнинг нажот ва покланиш байрами бўлмиш Рамазон ҳайити билан бир вақтга тўғри келиши туфайли тинчлик ва илоҳий раҳматнинг янги уфқлари очилади, қалблар хотиржамлик ва ишончга тўлади ҳамда кириб келган янги йил Эрон ҳамда барча дўст ва қўшни давлатлар учун мустаҳкам тинчлик, кенг қамровли хавфсизлик, минтақавий интегратсия, халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши, тараққиёт ва фаровонликка тўла йил бўлади, деб умид қиламиз.
Ушбу маънодор симметрия – Наврўз, Рамазон ойи ва Рамазон ҳайитининг бир пайтда келиши биз учун нафақат вақт ўтишини эслатувчи, балки инсоний ва минтақавий муносабатларда янги бир бобнинг бошланишига илҳом берувчи бир ҳодиса бўлсин. Бу ратсионаллик, адолат, тинч-тотув яшаш ва барча учун ёрқин келажак қуришга асосланган фасл бўлиб, унда Эрон фахр-ифтихор билан тинчлик ва барқарор ривожланиш йўлида қадам ташлайди.
Муҳаммадали Искандарий
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси
1405 йил Наврўзининг биринчи куни.